OFB mobil ilovasi
9 iyun

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

МАРКАЗЛАШГАН МАНБАЛАР ҲИСОБИДАН ИПОТЕКА ВА ТАЪЛИМ КРЕДИТЛАРИ УЧУН АЖРАТИЛАДИГАН МАБЛАҒЛАР БЎЙИЧА ФОИЗ СТАВКАЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларнинг олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида:

1. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича фоиз ставкаларини 2022 йил якунига қадар, истисно тариқасида, амалдаги фоиз ставкаларида, яъни ипотека кредити бўйича 13 фоиз, таълим кредити бўйича 10 фоиз миқдорида сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, 10 фоиз ставкада ажратилган ресурслар ҳисобидан таълим кредитлари тижорат банклари томонидан кредит олувчига 14 фоиздан ажратилади.

2. Белгилансинки, Молия вазирлиги томонидан ажратилган ресурс маблағлари ҳамда тижорат банкларининг ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаларини мутаносиб равишда камайтириш механизми Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиздан пасайганда қўлланилади.

3. Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича 2023 йил учун фоиз ставкалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Марказий банк раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 апрель,
ПҚ-199-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2022 й., 07/22/199/0286-сон)